****
Ижтимоий тармоқда журналист Сайёра Шодиеванинг "ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" ҳақидаги мақоласи кенг тарқалмоқда. Мақола матнини эътиборингизга ҳавола этамиз, азизлар.
****
15 ЙИЛЛИК МАШАҚҚАТ, ИЖОД ВА ИЗЛАНИШ МАҲСУЛИ...
****
Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар сокинлик билан улкан ишларни амалга оширишади. Ҳатто биз оддий ижод аҳли бундан бехабар юрамиз. Ва кутилмаганда улкан меҳнат маҳсулидан ҳайратга тушамиз.
"ИСЛОМ МАМЛАКАТЛАРИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ" китобининг нашр этилиши Ўзбек илмий, ижодий майдонида ўзига хос янгилик бўлди. Чунки бу Ўзбекистон маънавий, маърифий ҳаётидаги илк бор тасниф этилган энциклопедиядир.
Мазкур китоб тузувчи-муаллифи ёш олима, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоеванинг салкам 15 йиллик машаққатли изланишлари маҳсулидир...
Китобнинг нашр этилиши ва уни менга ҳам туҳфа этилиши, очиғи мен учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Китобда қандайдир жозиба, руҳан жонли тетикликни ҳис қилади одам. Интернет титкилаб инсон бу ҳузурни топа олмайди.
Албатта, юртимизда шундай бутун ҳаётини илм ва фан ривожига бағишлаган ва мана шундай ажойиб йирик китобларни кенг китобхонлар оммасига тақдим этаётган маърифатпарвар инсонларнинг борлиги одамни қувонтиради.
Мазкур китоб билан энди танишиб чиқишни бошлар эканман, бир жиҳат эътиборимни тортди. Унда нафақат ислом мамлакатларининг исломга оид тарихи, балки аҳолиси, географик ўрни, сиёсий харитаси иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, маорифи ва яна кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Китоб жуда йирик ҳажмда бўлиб, 660 саҳифадан ошиб кетган. Ва юздан ортиқ исломий ва ислом маданияти етиб борган ўлкалар тарихи ва улар ҳақидаги кўплаб маълумотларни ҳам қамраб олган.
Хусусан, илк саҳифалардан ўрин олган Афғонистон тарихини алоҳида қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда Афғонистон Ислом Амирлиги тарихига доир малумотлар янада мукаммал баён қилинган.
Дунёларга достон бўлган қадим Афғон диёри, бу ўлкага ислом динининг қандай кириб келгани, аҳолиси, бугунги кундаги ижтимоий сиёсий ҳаёти, қишлоқ хўжалиги, саноати, маорифи, ташқи ва ички савдоси, соғлиқни сақлаш тизими ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимга амин бўлдим... Афғон диёрида яшовчи миллатлар ва у ерда ўн миллиондан ортиқ миллатдошларимизнинг истиқомат қилиши бу мамлакатга бўлган қизиқишимни ниҳоятда оширди.
Ҳазрат Навоийдек зотлар нафаси кезган бу диёрга ҳурматим ошди.
Албатта, бу ҳали бошланиши. Яна юзлаб элат ва миллатлар тарихи билан танишиш имкони ҳали олдинда.
Шундай ўринда мазкур китоб тузувчи-муаллифи, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Рахшона Кенжабоевага ва барча таҳририй гуруҳга ўз миннатдорчилигимни билдираман...🙏
Ва уларга янада улкан ижодий ютуқлар тилаб қоламан!
Сайёра ШОДИЕВА
23.06.2025.
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
>>Click here to continue<<