****
КЎҲНА УРГАНЧ ВА ХОРАЗМ
ШЕЪРЛАРИ
Улуғ шоир ва арбоб ҳазрати Мунис Хоразмий ҳазрати Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг амакилари ва устозлари бўлиб, у кишининг вафотидан кейин ўринларига (1829) ҳазрати Огаҳий Хива хони Аллоҳқулихон (1825–1842) девонида мироб (Сув хўжалиги вазири) этиб тайинлаганлар...
Миробларнинг бир улуғ одобу риояти бўлган: ўзларида расмий отиз – экинзор далалар бўлса ҳам, аввал халқни сув билан таъминлаб, энг охирида ўзларига сув ажратганлар... Бу инсоф ва шафқат намунаси қалбда шеър уйғотди...
МИРОБ
Мироб – сув амири, сувлов вазири,
Султон саройида энг мўътабар зот.
Унга боғлиқ бўлмиш халқнинг тақдири,
Чунки сув – тириклик, чунки сув – ҳаёт!
Тарих саҳифасин очсак ҳар замон,
Ҳикмат сувларини кўнгил шимадир.
Мудом тарихлардан топамиз аён –
Адолат нимадир, инсоф нимадир.
Сув мулки вазири – Мунис Хоразмий,
Сўнг ҳазрат Огаҳий алмашди ўрин.
Ўзларида отиз* бўлса ҳам расмий,
Халққа сув таратган мироблар бурун.
Мана, шеъриятнинг икки султони,
Маънавий чанқоқни қондирган нозим;
Ҳикматга тўлдириб дардли дунёни,
Адолат боғида тузмиш маросим!
Ибрат олса арзир Одам боласи:
Аввал халқни сувга айлагач сероб,
Энг сўнгда сув ичар мироб даласи,
Энг охир сув ичар ўзи ҳам мироб.
13-ноябрь, 2022. Урганч.
Мирзо КЕНЖАБЕК
*ИЗОҲ. Отиз – Хоразм лаҳжасида: экинзор дала.
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
>>Click here to continue<<