****
ҲАЗРАТИ УМАРНИ СОҒИНАР
КЎНГИЛ
Хаёл маъсиятдан хирмон уйганда,
Теграм ноҳақликдан либос кийганда,
Эгриликни кўриб, тилни тийганда,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Ҳаёт ичра нопок бир қилмиш бўлса,
Бир бидъат дабдаба, паст ташвиш бўлса,
Кўнгилдан кечган не гуноҳ иш бўлса,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Бўлсам ул даврнинг бир яшовчиси,
Тегиб қолар эди менга қамчиси!
Форуқ соғинчидан – кўзёш томчиси…
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Дунёда дин сотар ҳар кимни кўрсам,
Иймонга ёв бўлган золимни кўрсам,
Адолат шаклида зулмни кўрсам,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Тангридан фурқону фаросати бор,
Пайғамбардек адлий сиёсати бор,
Шиддатида шафқат, нафосати бор –
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Ҳеч одат бўлмади ифтихор унга,
Йўлиқишдан қўрқар гуноҳкор унга,
Ҳайиқсам ҳам, кўнгил меҳри бор унга,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Ҳаққа ҳуррият бор, бошқа ҳад йўқдир,
Фасод, нопокликка ҳуррият йўқдир,
Токи Ҳаққа боғлиқ муътамад йўқдир –
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Эл кезиб, ишларин кўргандек бўлар,
Қўлга дарра олиб юргандек бўлар,
Бошимда синовчан тургандек бўлар,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Ҳақ дўстлари Ҳақдан жудо эмасдир,
Дил тавҳид нуридан айро эмасдир,
Дўстлар! Бу бесабаб садо эмасдир,
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил.
Мирзо! Ким покроқдир саҳобадан ҳам? –
Дилим хароб бўлди харобадан ҳам,
Бас, ўн беш асрлик масофадан ҳам
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил!..
2009
Мирзо КЕНЖАБЕК
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
>>Click here to continue<<