****
ЎЗИНГДАН ЎЗГАГА МУҲТОЖ
АЙЛАМА!
Раббим! Ҳалолингдан бергил қаноат,
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Ҳаромдан асрагил, сақла саломат,
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Давлат шу – диёнат ҳудудим бўлса,
Мудом Яратганга сужудим бўлса,
Фақат охиратдан умидим бўлса...
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Гоҳ Бедил ҳикмати келгайдир дилга:
“Ҳаёт муҳтож этар кўзгуни кулга”.
Ё Рабб! Қаноат бер умидвор қулга,
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Ҳалолни касб этсак, йиғлаб Зотингга,
Шукран, рози бўлсак тақсимотингга,
Бизни муҳтож қилма махлуқотингга,
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Фақирлик ўтса ҳам банданг жонидан,
Раббим, Ўзинг асра тамаъ нонидан,
Неъмат бер Сен ризо дастурхонидан,
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!
Мирзо, йўқлик, тўқлик – ҳавасни кўрдик,
Паст-баланд, кас-нокас – ҳар касни кўрдик,
Ҳар сиддиқ тилида бир сасни кўрдик:
Ўзингдан ўзгага муҳтож айлама!..
2010 йил, 19-сентябрь.
Мирзо КЕНЖАБЕК
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•
>>Click here to continue<<
