* * *
Дўстим Алибек Анварийга бағишладим
Кўз ёш ярашмайди эркакка ҳарчанд,
дийдам қаттиқ дея нечук алдандим:
хаста онасининг бошида фарзанд
йиғлаганин кўриб кўзим намланди.
Бир оғриқ кезаркан икки очунда,
бўғзимни тирнади ёввойи ингроқ;
дўстим онасига ачинган кунда
мен ўз волидамга қилдим қўнғироқ...
Ногоҳ отасидан айрилди дўстим:
ҳар айрилиқ – ногоҳ,
ҳамма ғам – ногоҳ,
биров қон йиғлади,
биров қон қусди –
айрилиш дардидан бўлдим мен огоҳ.
Бир оғриқ кезаркан икки очунда,
дийдам юмшадими – тош қотган қадим,
дўстим отасидан айрилган кунда
ўз отамга умр сўраб йиғладим...
Бу боди болангни кечир, онажон,
улоққан ўғлингдан ўкинма, ота,
ҳарнечук ёдига туширса ал-он
ё ғам,
ё хасталик,
ё дард,
ё мотам.
Икки очундаги, эй, икки ҳабиб,
дийдам қотган бўлса, ўксиманг ҳайҳот,
боғбон гул остини юмшатган каби
юмшатиб турибди дийдамни ҳаёт.
Мансур Жумев
>>Click here to continue<<
